Ob-havo

xalqaro aeroporti

Парвозлар хавфсизлигини таъминлаш

Наманган халқаро аэропортининг мажлислар залида “Ўта муҳим ва тоифаланган объектлар хавфсизлигини таъминлаш ва орнитология” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Унда Наманган вилояти ҳокимлиги, Наманган шаҳри ва Тўрақўрғон туман ҳокимлиги вакиллари, маҳалла фуқаролари йиғини раислари, фермер хўжалиги раҳбарлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Аэропорт директорининг ЕХ бўйича ўринбосари Аброр Қахаров семинарни очиб, ўта муҳим ва тоифаланган объектлар қаторига кирувчи мазкур ҳудуд хавфсизлиги, ундаги ҳолат яъни ҳаво кемаларини қушлар билан тўқнашувини олдини олиш хусусида гапирди. Бу борада NAMANGAN XALQARO AEROPORTI” МЧЖ АХ ва Р бўйича директор ўринбосари Навруз Кулимбетов ҳам ўз фикр мулоҳазасини билдириб, бу масалада ҳушёрлик ва яна ҳушёрлик зарурлигини такидлади.

Тадбирда қушларнинг самолётларга қандай жиддий хавф туғдираётканлиги тўғрисида видеороликлар намойиш этилди.

Авиацияда “қушлар билан тўқнашув” (bird strike) деган ибора бор. Бу ибора ҳавода ёки ҳаракат вақтида учувчи самолётларнинг қушлар билан тўқнашувини англатади. Ҳавога кўтарилаётган ёки қўнишни амалга ошираётган ҳаво кемаси учун хар қандай турдаги қуш катта таҳдид бўлиши мумкин. Бу каби тўқнашувлар “Темир қуш” учун фожиа билан тугаши, инсонларнинг ўлимига олиб келиши мумкин. Тўғри, замонавий двигателлар ишлаб чиқарилишида бу каби хавфли омилларни инобатга олиниб, хавф даражаси имкон борича камайтирилган. Шунга қарамай қушлар двигателларга кириб қолса салбий таъсир кўрсатиши ва бунинг натижасида  ёнғин келиб чиқиши ва салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Семинарда сўзга чиққан парвозлар хавфсизлиги бўйича инспектор Азамжон Султанов йиғилганларга аэропорт атрофидаги майдонларга қушларни жалб қилувчи донли ва дуккакли ўсимликларни экмаслик ва шу каби маҳсулотларни сақламаслик тўғрисида тушунча берди. Шунингдек, тасдиқланган қонун ҳужжатларининг тегишли бандлари билан таништириб чиқди.

Бугунги кунда дунё мутахассислари парвоздаги ҳаво кемаларини қушлардан муҳофаза қилиш устида иш олиб бормоқда. «NAMANGAN XALQARO AEROPORTI» МЧЖ орнитологлари ҳам бу борада  самарали меҳнат қилиб келишмоқда. Аэродром ҳудудида  қушлар харакатини камайтириш учун замонавий жиҳозлар билан таминланган. Орнитологлар белгиланган муддатларда доимий қайта тайёрлаш курсларида малакаларини ошириб келишмоқда.

Амалга оширилаётган ишларнинг натижаси ўлароқ шу кунга қадар аэропорт тарихида бу каби кўнгилсиз ходисалар кузатилмаган.

Наманган халқаро аэропорти матбуот хизмати 

Share on facebook
Share on vk
Share on odnoklassniki
Share on telegram
Share on whatsapp
Share on twitter